Бугун, 2025 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича тафтиш инстанцияси тадбиркор Н.Ғ.га оид жиноят иши юзасидан ажрим эълон қилди.
Олий суд қуйи судлар қарорларини ўзгартириб, тадбиркорнинг қилмишини Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисми "а" бандидан шу модданинг 2-қисми "а", "в", "г" бандларига қайта квалификация қилди. ЖКнинг 59-моддаси тартибида жазо тайинлашга оид қисмлар бекор қилиниб, ЖПКнинг 463-моддаси 3-қисми 3-бандига асосан жазо тайинланмади.
Энг муҳим натижа шу бўлдики, жиноят оқибатида етказилган моддий зарар сифатида кўрсатилган қарийб 790 миллион сўмнинг 629 863 222 сўми тадбиркорга қайтарилиши белгиланди.
Яъни айбловда "зарар" деб кўрсатилган маблағнинг қарийб 80 фоизи амалда олиб ташланди.
Албатта, бу ҳали оқлов эмас. Бизнинг ҳуқуқий позициямизнинг мазмуни эса бошидан аниқ эди. Ушбу ишда нафақат зарар миқдори нотўғри ҳисобланган, балки жиноят таркибининг ўзи ҳам ишончли ва мақбул далиллар билан исботланмаган.
Ишнинг қисқача мазмунига кўра, тадбиркор қурилиш объектида айрим ишлар ва материаллар нархини сунъий равишда ошириб, бажарилмаган ишларни ҳужжатларга қўшиб ёзганликда айбланган. Айблов асосан назорат ўлчови натижаларига таянган.
Бироқ ҳимоя томони назорат ўлчовида "қўшиб ёзилган" деб кўрсатилган ҳар бир параметр бўйича алоҳида важлар тақдим этди. Хусусан, материаллар нархи сунъий оширилмагани, қурилишга киритилган ўзгаришлар буюртмачи, пудратчи ва лойиҳачи ўртасида келишилгани, тегишли ҳужжатлар экспертизадан ўтказилгани ҳамда ишлар тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида бажарилгани кўрсатилди.
Бу ҳолатлар оддий тахмин эмас эди. Тегишли ҳужжатлар, мутахассисларнинг фикрлари ва судда сўроқ қилинган шахсларнинг кўрсатувлари ҳам ҳимоя важларини тасдиқлар эди.
Бундан ташқари, бир объектнинг ўзида қисқа муддатлар оралиғида бир неча марта назорат ўлчови ўтказилиб, уларда бир-биридан кескин фарқ қилувчи суммалар кўрсатилган. Бир назорат ўлчовида 4 миллион сўмдан ортиқ, бошқасида 151 миллион сўмдан ортиқ, яна бирида эса 109 миллион сўмдан ортиқ тафовут аниқланган.
Шундай экан, табиий савол туғилади. Агар объект, бажарилган ишлар ва ҳужжатлар бир хил бўлса, нега назорат ўлчовларининг натижалари бир-биридан бунчалик фарқ қилади?
Айбловнинг асосий қисми эса айнан шундай зиддиятли ва етарлича текширилмаган ҳисоб-китобларга қурилган эди.
Биз ушбу ишга 2023 йил 26 октябрда киришганмиз. Дастлаб тадбиркор билан жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш, таҳлил ва синтез қилиш бўйича юридик ёрдам кўрсатиш шартномасини туздик. Иш материалларини ўрганганимиздан кейин тадбиркорнинг қуйи судлар қарорларига рози эмаслиги ҳақидаги важлари асосли эканлигига ишонч ҳосил қилдик.
Шундан сўнг 2024 йил 24 январда Олий судга тафтиш тартибида шикоят юбордик.
Бироқ Олий суд судьяси М.Абабакиров 2024 йил 26 февралда суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақида ажрим чиқарди. Ажримни ўқиб, бир ҳолатга эътибор қаратдик: биз келтирган важлар ҳар бири бўйича алоҳида таҳлил қилиниб рад этилмаган, уларга умумий тарзда «аҳамиятсиз» деган баҳо берилган эди.
Мураккаб тартибга мувофиқ, мазкур ажрим устидан Олий суд раиси ўринбосари Икрам Муслимов номига шикоят ёздик ва унинг қабулига кирдик.
Шу ўринда бир масала кишини ўйлантиради: агар айнан шу асослар билан прокурор протест киритганида, иш ортиқча тўсиқларсиз судлов ҳайъати муҳокамасига қабул қилинган бўлар эди. Ҳимоя томони эса ҳар бир босқичда ўз важларини эшиттириш учун қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур бўлди.
2024 йил 23 майда 13-121-23-сонли жавоб хатини олдик. Уни Икрам Муслимов имзолаган эди. Аммо бу жавобда ҳам асосларимиз ҳар бир важ кесимида таҳлил қилинмади, яна умумий мазмундаги рад жавоби берилди.
Шундан кейин ҳам тўхтамадик.
2024 йил 9 сентябрда мазкур жавоб хатини илова қилган ҳолда Олий суд раиси номига шикоят тақдим этдик. Олий суд раиси Б.Исламов бизни шахсан қабул қилди.
Қабулда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 321-сонли қарори билан тасдиқланган «Қурилиш объектларида назорат ўлчови ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом талаблари бузилгани, назорат ўлчовлари кетма-кет ўтказилгани ва натижалар ўртасидаги зиддиятлар бартараф этилмагани ҳақида батафсил тушунтирдик. Жами 11 та асосли важимизни баён қилиб, ишни тафтиш инстанциясида кўриб чиқишни сўрадик.
Қизиғи шундаки, аввал шикоятимизни рад этган Олий суд раиси биринчи ўринбосари И.Муслимов 2024 йил 23 сентябрда ишни жиноят иши материаллари билан бирга тафтиш тартибида кўриб чиқиш учун ўтказиш ҳақида ажрим чиқарди.
Ниҳоят, бугун Олий суд тафтиш инстанцияси қуйи судлар қарорларини жиддий равишда ўзгартириб, жазо тайинламади ва "зарар" сифатида кўрсатилган маблағнинг қарийб 80 фоизини тадбиркорга қайтаришни белгилади.
Бу, албатта, муҳим натижа. Аммо ҳимоя учун масала фақат жазонинг тайинланмагани ёки маблағнинг катта қисми қайтарилганида эмас.
Агар айбловга асос қилиб олинган ҳисоб-китобларнинг қарийб 80 фоизи нотўғри бўлса, қолган қисми ҳам худди шундай синчковлик билан текширилиши шарт.
Бизнинг қатъий позициямиз шу. Мазкур ишда жиноят таркиби аниқланмаган ва тадбиркорга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиши керак эди.
Шунинг учун бу ишни тугаган деб ҳисобламаймиз. Чунки адолат — жазони енгиллаштириш ёки зарарнинг бир қисмини қайтариш билангина ўлчанмайди. Айб исботланмаган бўлса, якуний қарор ҳам шунга муносиб — оқлов бўлиши керак.
