Бугун Наманган вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья Зафар Расулов Носиржонович раислигида ҳимоямиз остидаги Игамбердиевга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.

Хўш, ишнинг моҳияти нимада эди?

Игамбердиев МЧЖ собиқ раҳбари бўлган. Тергов органи уни электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиб, ҳисоблагич кўрсаткичларини камайтирган ва 694 080 кВт·соат, яъни 624 672 000 сўмлик электр энергиясини яширин равишда талон-торож қилган, деб айблаган.

Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми "а" банди, яъни жуда кўп миқдорда ўғрилик содир этиш айби қўйилган.

Косонсой туман судининг 2026 йил 29 апрелдаги ҳукми билан Игамбердиев 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ЖКнинг 72-моддаси қўлланган ҳолда 2 йиллик синов муддати белгиланган эди. Шунингдек, ундан 624 672 000 сўм зарар ундириш ҳам белгиланган.

Ишнинг ўзига хослиги нимада?

Игамбердиев жамият раҳбарлигини 2024 йил 15 октябрда бошқа шахсга топширган.

Электр ҳисоблагич эса орадан қарийб беш ой ўтгач, 2025 йил 4 мартда текширилиб, ечиб олинган. Қоидабузарлик тўғрисидаги далолатнома эса ҳисоблагич олиб кетилганидан кейин, 2025 йил 13 мартда, текширувда қатнашмаган бошқа ходимлар томонидан тузилган.

Айблов Игамбердиевга тегишли даврни айнан у раҳбарликдан кетган 15 октябрь санаси билан чегаралаган. Аммо ишда 2024 йил 15 октябрда ҳисоблагичга ташқи таъсир бўлганини, унинг пломбаси бузилганини ёки электрон схемаси ўзгартирилганини кўрсатувчи бирорта техник ҳодиса аниқланмаган.

Оддий қилиб айтганда, раҳбар алмашган сана ҳисоблагич бузилган сана деб қабул қилинган. Лекин раҳбар алмашиши техник ҳодиса эмас.

Бундан ташқари, ҳисоблагич хотирасидаги муҳим очилиш қайдлари 2024 йил 14 декабрь ва 2025 йил 4 март саналарини кўрсатган. Бу саналар Игамбердиев жамият раҳбарлигидан кетганидан кейинги даврга тўғри келади.

Экспертизада ҳисоблагич текширув вақтида электр энергиясини нотўғри ҳисоблагани кўрсатилган. Аммо қуйидаги энг муҳим саволларга жавоб топилмаган, яъни ҳисоблагичга ким аралашган, аралашув қачон содир бўлган, қандай техник усулдан фойдаланилган, Игамбердиев бу ишни шахсан қилганми ёки кимгадир топшириқ берганми, ҳисоблагичдаги хатолик қачон бошланган, техник ҳолат билан 624 672 000 сўм зарар ўртасида қандай сабабий боғланиш мавжуд?

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг хулосасида ҳам ҳисоблагичда ташқи механик шикастланиш мавжуд эмаслиги ва пломбаларнинг яхлитлиги бузилмагани қайд этилган.

Судда сўроқ қилинган электрчи Ж.К. ҳисоблагич жойлашган хона калити ўзида бўлганини, Игамбердиев ундан калит сўрамаганини, ҳисоблагич олдига кирмаганини ва унга ноқонуний топшириқ бермаганини билдирди.

Демак, ҳисоблагичнинг нотўғри ишлагани ҳақида маълумот бўлган. Аммо бу ҳолатни айнан Игамбердиев қасддан келтириб чиқарганини тасдиқловчи ишончли далил бўлмаган.

Суд қандай хулосага келди?

Наманган вилояти суди корхонанинг собиқ раҳбари бўлганликнинг ўзи кейин аниқланган ҳар қандай техник носозлик учун жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлмаслигини эътироф этди.

Суд Игамбердиевнинг ҳисоблагичга киргани, пломбаларни бузгани, электрон схемани ўзгартиргани, бошқа шахсга шундай топшириқ бергани, электр энергиясини яширин талон-торож қилишда қасди бўлгани ишончли далиллар билан исботланмаган, деган хулосага келди.

Шу асосда биринчи инстанция суди ҳукмининг Игамбердиевга оид қисми бекор қилиниб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Бу ишдаги энг муҳим ҳуқуқий хулоса жуда оддий. Ҳисоблагичнинг носозлиги шахснинг айбини исботламайди. Қайта ҳисоб-китоб пул миқдорини кўрсатиши мумкин, аммо жиноятни ким содир этганини кўрсатмайди.

Жиноят ишида лавозим эмас, шахснинг аниқ ҳаракати исботланиши керак. Тахмин айбловни бошлаши мумкин, аммо тахмин билан айблов ҳукми чиқариб бўлмайди. Бугун Наманган вилояти судида ана шу қоида амалда қўлланди.