2024 йил 31 май куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё эмас, Сирғали туман суди судьяси Ш. Розимов айблов ҳукмини ўқиди.
Фарзандини кўриш учун борган А. Мамаджановга
тан жароҳати етказган ота ва унинг икки ўғлининг ҳар бири Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «к, л» бандлари билан айбдор деб топилди.
Тан жароҳати бор, воқеа бор, аммо жиноят ишини қўзғатиш рад этилган.
Биз 2023 йил сентябрь ойи бошида жабрланувчининг вакили сифатида ишга киришдик. Жиноят ишини қўзғатишни сўраб, Тошкент шаҳар прокурори қабулига бордик. Вазиятни тушунтиргач, прокурор 16-бўлим бошлиғига топшириқ берди.
Бўлим бошлиғи текширув материалларини тумандан талаб қилди. Қарангки, шу пайтгача қўзғатилмаган иш шаҳар прокуратурасига келгунига қадар қўзғатилиб, жиноят иши бўлиб келди.
Кейин дастлабки тергов ўтказилди, айблов хулосаси тузилиб, иш судга юборилди.
Ишнинг ўзига хос жиҳати шуки, жиноят ишини қўзғатишни рад этишга масъул бўлган шахсларга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 230¹-моддаси 2-қисми «а» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан далилларни сохталаштириш) жиноят иши қўзғатилишига эришилгани бўлди.
Терговга қадар текширув учун масъул тезкор ходим эса гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ тезкор тадбирда қўлга тушган. Жиноят кодексининг 230¹-моддаси 2-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига бирлаштирилган. Кейинчалик ходимга нисбатан қидирув эълон қилингани сабабли иш бўйича дастлабки тергов тўхтатилган.
Жабрланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бу ишда фақат судда қатнашишдан иборат бўлмади. Жиноят ишини қўзғатишга эришиш, рад этиш қарорининг ортидаги масъулият масаласини кўтариш, тергов ва судда изчил иштирок этиш буларнинг ҳар бири меҳнат, вақт ва қатъият талаб қилди.
Ҳукм бир кунда ўқилади. Аммо унгача қанча меҳнат сарфланганини ишнинг ичида юрганлар билади.
