Адвокатлик амалиётимизда кам кузатиладиган, аммо ҳуқуқ устуворлиги учун ниҳоятда муҳим бўлган ҳолатга дуч келдик. Одатда, ҳайъат таркибида кўриладиган ишларда қарорлар "бир овоздан" қабул қилинишига кўникиб қолганмиз. Аммо Сирдарё вилоят суди судьяси А.Кураматов бу анъанавий сукунатни бузди. У апелляция инстанциясининг айблов хулосасига қўшилмай, ўзининг мустақил ҳуқуқий позициясини - алоҳида фикрини баён қилди.

Бу шунчаки қоғоздаги процессуал ҳужжат эмас, бу - судьянинг ички ишончи ва ҳуқуқий виждонининг исёни эди. Судья ўз фикрида ҳақиқатни очиқ айтди. Ф.Тошбулованинг ҳаракатларида на жиноят таркиби, на мотив ва на мақсад бор, У жиноятни яширмаган, аксинча, биринчи бўлиб хабар берган, ЖКнинг 172-моддаси бўйича қўйилган айбловлар ўз исботини топмаган.
Судьянинг қатъий хулосаси эса тизимни ҳаракатга келтирди: "Оқлов ҳукми чиқариш лозим деб ҳисоблайман".
Бу жасорат бесамар кетмади. 2026 йил 30 апрель куни Олий суд айнан мазкур алоҳида фикрдаги ҳуқуқий ёндашувни қўллаб-қувватлади ва ҳимоямиз остидаги Фотима Тошбуловани тўлиқ реабилитация қилди.

Бизга айнан шундай - қолиплардан қўрқмайдиган, қонун руҳини унинг қуруқ ҳарфларидан устун қўя оладиган судьялар керак.
Зеро, адолат кўпчиликнинг сони билан эмас, ҳақиқатнинг вазни билан қарор топади. Шундай судьялар кўпайсин ва уларнинг овози Олий суд минбарларида мана шундай акс-садо берсин!
