Бугун ҳимоямиз остидаги Қуватов ва унинг яқинлари учун кутилган хабар келди. Тошкент шаҳар Юнусобод туман прокуратураси терговчиси, 1-даражали юрист Р. Қосимов унинг тақдирига дахлдор муҳим процессуал қарор қабул қилди.

Қуватовнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги асосида унга нисбатан эълон қилинган айбловлар олиб ташланди.

Воқеа 2026 йил 30 май куни, соат 22:10 ларда бошланган. Тошкент тумани Юқори Ҳасанбой 1-берк кўчасида ППХ инспектори Қуватов ва яна икки нафар шахсни шубҳа уйғотгани сабабли текширган. Дастлабки айбловга кўра, улар ходимга фаол қаршилик кўрсатиб, тан жароҳати етказган. Экспертиза ходимда енгил тан жароҳати борлигини қайд этган.

Кейинчалик "Дамас" автомашинаси кўздан кечирилганда, экспертиза хулосасига кўра, 0,4423 грамм метамфетамин моддаси аниқланган.

Бироқ воқеа ҳақидаги дастлабки маълумотлар билан ҳар бир шахснинг айби исботлангани алоҳида масала. Тергов якунида Қуватовнинг ҳаракатларида унга қўйилган айбловлар бўйича жиноят таркиби йўқ, деган хулосага келинди.

Шу сабабли, Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 276-моддаси 2-қисми "а" банди билан қўйилган айбловлар бўйича 262662/2026-1400К-сонли жиноят ишининг Қуватовга нисбатан қисми ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди.

Аввалроқ унга қўлланган қамоққа олиш эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхатга ўзгартирилган эди. Бугунги қарор билан ушбу эҳтиёт чораси ҳам бекор қилинди.

Қоғозда бу процессуал қарор. Инсон ҳаётида эса ойлар давомидаги хавотирнинг чекиниши, оилага хотиржамликнинг қайтиши.